Ким айбдор? Ўқитувчими ёки ўқувчи?

Главные вкладки

Ўқитувчининг ўқувчиларни калтаклаётган видеоси билан боғлиқ воқеалар ижтимоий тармоқларда кейинги вақтда тез – тез “айланаётгани” ва омма орасида норозиликларга сабаб бўлаётгани ҳеч кимга сир эмас. Бундан 3-4 йил аввал агар қайсидир ўқитувчининг ўқувчиларини калтаклаётган видеоси ижтимоий тармоққа чиқиб кетса, биринчи ўринда ўша ўқитувчи, ундан сўнг мактаб директори ва ундан сўнг ўша вилоят ХТВ бошлиғи ишдан олинарди. Бугунги кунда эса ХТБ бу ишларга анчагина “объектив” тарзда жавоб бераётганини ҳам барчамиз кўриб турибмиз.

            Энди, Жиззах вилояти,  Шароф Рашидов тумани 21 – мактабда (qalampir.uz нинг ёзишича) содир бўлган ўқитувчи ва ўқувчилар ўртасидаги воқеаларни диққат билан ўрганиб чиқсак:

Диалог:

(Жиззах шевасида)

Ўқитувчи биринчи ўқувчига: Ман нима деяпман, неча марта айтаяпман. Аянг нима деб йиғлаяпти? Айтмептими? Хи? Кимда айб? Мандами? ... 3 та бола қочаяпти? .... Анов куни индамей келдим санга?

Иккинчи ўқувчига яқинлашиб: ..... Сан кимсан сан ўзи? Ким сан сан? Гап таъсир қилмайдими санга? ....

Учинчи ўқувчига яқинлашиб: Нима қиламиз? А нима қиламиз? Нима қиламиз?

Тўртинчи ўқувчига яқинлашиб: Ўқувчи: Домла кечиринг бўпти. Ўқитувчи: Санга нима дегандим? Даданг ....?

Мана сизга бор диалог. Видео тасвирда фақат ўқитувчи гапираяпти ва ўқувчиларни калтаклаяпти. Ва албатта ҳар доимгидек “қаҳрамон” ўқувчи воқеани тасвирга олаяпти. Яна бир аёл ўқитувчи эса, жимгина уларни кузатаяпти.

Бор диалог шу. Бошқа бир эътиборга арзигулик воқеа йўқ.  

Хўш, масаланинг туб моҳияти қандай? Нега ёши улуғ ўқитувчи ўқувчиларга қўл кўтараяпти? Гаплардан шуни билдимки, ўқувчилар дарсдан қочишган ва огоҳлантирилган. Ва яна дарсдан қочишган. Энди, бир ўйлаб кўрайлик. 8-синф ўқувчиси орқама – кейин дарсдан қочаяпти. Дарсда бўлмаган вақтда шу ўқувчилар қаерда бўлишлари мумкин? Улар билан боғлиқ бирор бир нохуш ҳодиса содир бўлса, ким жавоб беради? Ота – онами ёки яна ўқитувчи айбдорми? Алам қиладиган, ҳозирги кунга келиб ота – оналар ўзлари бера олмаётган тарбияни, мактабга ташлаб, яна уларнинг тарбиясиз фарзандига тарбия бермоқчи бўлган ўқитувчини айбдор қилишмоқда!

Видео тасвирдаги яна бир эътибор ҳолат бу ўқувчининг қўлидаги телефон нега дарс мобайнида ёқилган? Мана бу қарорни бир ўқиб чиқсак: “Вазирлар Маҳкамаси 2012 йил 21 майда “Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларида мобил телефонлардан фойдаланиш тартиби тўғрисида” қарор қабул қилган. Мазкур қарор асосида Халқ таълими вазирлигининг тегишли буйруғи ишлаб чиқилган. Унга кўра, Таълим муассасасига кириб келишда ҳар бир ўқувчи, ўқитувчилар ва бошқа шахслар уяли алоқа воситасини тўлиқ ўчириб қўйиши шарт. Телефон фақат махсус ғилофларда, сумка ва портфелларда олиб юрилиши керак. Таълим олувчиларга телефон воситаларни бўйинга осиб юриш, шим ва юбка чўнтакларида олиб юриш, дарс вақтида эса улардан фойдаланиши қатъиян тақиқланади.”

Хўш, ўқувчи қўлидаги ўчирилмаган телефон учун кимни айблашимиз лозим? Мактабга кириб келаётган ўқувчининг қўлидаги телефонига эътиборсиз мактаб маъмуриятими ёки фарзандини қўлига қиммат телефон тутказиб қўйган ота – онами?

Кейинги ҳолат шуки, ижтимоий тармоқларда тарқалган бу видеодан кейин, мактабда фарзанди ўқиётган ота – оналар бирданига жумбушга келган бўлса ажаб эмас. Мазкур видеонинг тарқалишига сабабчи бўлаётган “манба” лар видео тасвирдаги воқеаларнинг нега содир бўлаётганлиги ва улардаги воқеаларнинг моҳияти нимадалигини тушунмасдан, шов –шув кўтаришга устамонлик билан ёндашишаяпти. Уларнинг-ку мақсадлари битта, бу ҳам бўлса шов –шув орқали ўзларининг гуруҳ ёки каналларига кўпроқ обуначи йиғиш.

Менинг айтмоқчи бўлган фикрим шуки, бироз сабрли бўлайлик! Аввал мазкур воқеани ХТВ ёки керакли ташкилот ўргансин, барча тафсилотларни бизга тақдим қилсин. Ана ундан кейин хулоса қилсак ярашади, азиз дўстлар.

Мен ҳам ўқитувчиман. Ўқитувчи сифатида ёши улуғ бўлган устозни тушунаман. Биз ҳам авваллари бундай “зарбалар” дан сон – саноқсиз “еганмиз” ва натижа шуки, ўша устозлардан миннатдормиз. Тўғри, бугун замон бошқача. “Инсон ҳуқуқлари” деган тушунча юртимизга кириб келди. Шахсан мен, на ўқитувчини ва на ўқувчини оқлайман. Сизга айтмоқчи бўлган гапим шуки, шошилмасдан, жараённи кузатайлик, ана ундан сўнг эса хулоса қилайлик!

Ҳурмат билан

Насим Садиков

www.sadikov.uz

@sadikov_uz