Мактабга қадам - бола шахсининг камол топиши хусусида

Primary tabs

тарбия

(Фарзанди биринчи синфга бораётган ота-оналар учун маслаҳатлар)

 Мактабга илк қадам бола ҳаётидаги энг муҳим ва мураккаб босқич бўлиб, ўқув йилининг бошланиши бола ҳаётини бутунлай ўзгартириб юборади. Энди бепарво ўйинлар ўрнига бола ҳар куни мактабга бориши, кун тартибига риоя қилиши, мактаб ҳаётининг янги қонунларига бўйсуниши, ўқитувчининг талабларини ва уй вазифаларни мунтазам бажариши, ўқишда яхши натижаларга эришиш учун интилиши керак.

Бу меъёрларга мослашиш вақтни талаб этади. Биринчи икки ҳафта болаларда сезиларли зўриқишни юзага келтиради. Фақатгина 5-6 ҳафтага келиб секин-аста кўникиш пайдо бўлади. Айтиш керак-ки, янги фаолият (ўқув)га киришиш боладан барча юқори психик жараёнлар (диққат, хотира, тафаккур, тасаввур, идрок)ни янги даражада ташкил этишни талаб этади.

Боланинг мактабга бориши ўз-ўзидан бу даражани пайдо бўлишини таъминламайди. Бу жараён секин-аста ривожланади, яъни диққатнинг ҳажми кенгаяди, унинг тақсимланиши яхшиланади, ёрқин ҳиссий воқеа-ҳодисаларни ихтиёрсиз равишда хотирада сақлаб қолиш ихтиёрий тарзга айланади. Кўргазмали-образли тафаккур мантиқий тафаккурга айланади.

Бу жараёнда жуда кўп нарса биринчи синф ўқувчисининг ота-оналарига боғлиқ. Боланинг мактаб ҳаётига жиддий муносабатда бўлиш, боланинг ютуқлари ва муваффақиятсизликларига эътиборли бўлиш, унинг мақсадга эришиш учун ҳаракат ва интилишларини рағбатлантириш, ҳиссий қўллаб қувватлаш зарур.

Боланинг ўз фаолияти аҳамиятли эканлигини ҳис этиши ўз-ўзига баҳонинг ва ўзига ишонч ҳиссининг юқори бўлишига хизмат қилади. Ўзига ишонч ҳисси ўқишдаги муваффақиятнинг гаровидир! Болани мақташдан қўрқманг, унинг кичкинагина ютуғидан ҳам хурсанд бўлинг! Шуни унутмангки, бола ўзига катталар унга қандай муносабатда бўлишса, шундай муносабатда бўлади.

          Шу билан бирга биринчи синф ўқувчисининг ота-оналарига қуйидаги қоидаларни тавсия этган бўлар эдик.

          1-қоида.

      Болани бир вақтнинг ўзида ҳам биринчи синфга, ҳам бирон-бир спорт секцияси ёки тўгараккка берманг. Чунки, мактаб ҳаётининг бошланиши олти –етти ёшли бола учун оғир стресс ҳисобланади. Агар болада сайр қилиш, ўйнаш, дам олиши ва дарсларни шошмасдан тайёрлаши учун имконияти етарли бўлмаса, унинг саломатлигида муаммолар юзага келиши ва бунинг оқибатида невроз бошланиши мумкин.

Агар фарзандингизнинг мусиқа ёки спорт билан шуғуланишини унинг тарбияси учун муҳим деб ҳисобласангиз, ушбу машғулотларни уни мактабга беришдан бир йил аввал ёки 2-синфдан бошлаганингиз маъқул.

2-қоида.

Шуни ёда тутиш керакки, 6-7 ёшли бола ўз диққатини фақатгина 10-15 дақиқага сафарбар эта олади. Шунинг учун бола билан дарс тайёрлаётганингизда унга ҳар 10-15 дақиқада, машғулотдан чалғитган ҳолда, жойида 10 марта сакраш, мусиқа остида рақсга тушиш, югуриш каби машқларни бажартириш лозим.

Уй вазифаларни бажаришни ёзув дарсларидан бошлаш мақсадга мувофиқ. Ёзма топшириқларни оғзаки топшириқлар билан алмаштириб бажариш ҳам мумкин. Уй вазифаларни бажартириш учун вақт бир соатдан ошмаслиги  керак.

3-қоида.

Кўриш аъзоларидан юқори диққатни талаб этадиган телевизор кўриш, компьютер ўйинлари ва бошқа машғулотлар кунига бир соатдан ошмаслиги лозим. Бу хулосани окулист ҳамда невропатолог шифокорлар ҳам алоҳида таъкидлайдилар.

Бир неча қисқа маслаҳатлар.

-боланинг ютуқларини эмас балки уни қандай бўлса шундайлигича яхши кўришингизни доимо фарзандингиз ҳис этсин;

-ҳеч қачон болага бошқалардан ёмонроқсан деб айта кўрманг, уни бошқа болалар билан таққосламанг;

-боланинг ҳар бир саволига имкон қадар рост ва сабр билан жавоб бериш лозим;

-ҳар куни фарзандингиз билан ёлғиз қолиш учун вақт ажратишга ҳаракат қилинг;

-болани фақатгина тенгдошлари билангина эмас балки катталар билан ҳам эркин ва бемалол мулоқот қила олишга ўргатинг;

-у билан ғурурланишингизни таъкидлашдан уялманг;

-болага нисбатан ўз ҳиссиётларингизни баҳолашда ростгўй бўлинг;

-болага ҳар доим рост гапиринг, агар бу сиз учун фойдасиз бўлса ҳам;

-болани айби учун жазоламоқчи бўлсангиз (масалан, бирор бир нарсани синдириб қўйса ёки кийимини ифлос қилиб келса) унга айни вақтдаги айби учун танбеҳ беринг;

-куч билан болага таъсир ўтказманг, мажбур қилиш боланинг маънавий тарбиясига, шахсини ривожланиши учун салбий таъсир кўрсатади;

-болангиз хато қилишга ҳақли эканлигини тан олин;

-боланинг ёдида фақат бахтли онлар муҳрланиб қолишига ҳаракат қилинг;

-катталар болага қандай муносабатда бўлишса, бола ҳам ўзига худди шундай муносабатда бўлади;

-ҳеч бўлмаганда баъзи-баъзида боланинг ўрнига ўзингизни қўйиб кўринг, ана шундагина болага қандай муносабатда бўлишингизни англаб етасиз.

Фарзандларимизнинг тарбиясига салбий ва ижобий таъсир этадиган қуйидаги фикрларга кундалик турмушимизда амал қилсак, келажак авлоднинг мустақил фикр эгаси, маънан ва ақлан баркамол бўлиб етишишига, давлат ва жамиятимизнинг равнақига муносиб ҳисса қўшишига эришамиз.

Болалар яшашни ҳаётдан ўрганадилар.

Агар бола мунтазам танқид қилинса, у нафратга ўрганади.

Агар бола адоват(ёвгарчилик, зидлик, хусумат) муҳитида яшаса у тажовузкорликка ўрганади.

Агар бола мунтазам мазах қилинса, у индамас, одамови бўлиб қолади.

Агар бола фақат танбеҳ эшитиб катта бўлса, унинг ўзига ишончи йўқолади.

Болалар яшашни ҳаётдан ўрганадилар.

Агар бола сабр-тоқат муҳитида катта бўлса, у бошқаларни фикрини ҳурмат қилишга, улар билан муросада бўлишга ўрганади.

Агар боланинг фикрини ҳам тез-тез инобатга олиб турилса, унинг ўз-ўзига бўлган ишонч ҳисси ортади.

Агар бола тез-тез мақтаб турилса, унда миннатдорлик ҳисси  шаклланади.

Агар бола фақат ростгўйлик муҳитида яшаса, у адолатли бўлишга ўрганади.

Умид ИДУМИ психологи

Хулкар

 

Сурат манбаси

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.