Нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш учун керак бўладиган ҳужжатлар

Primary tabs

нодавлат

Ҳозирда нодавлат таълим ташкилотлари фаолиятини лицензиялаш учун қуйидаги ҳужжатлар керак бўлади:

1.  Лицензия бериш тўғрисидаги ариза, унда:

- юридик шахснинг номи ва ташкилий-ҳуқуқий шакли;

- жойлашган жойи;

- почта манзили; 

- таълим фаолиятини амалга ошириш жойининг манзили;

- банк муассасасининг номи ва банкдаги ҳисоб рақами;

- фаолиятнинг лицензияланаётган тури;

- таълим фаолияти йўналишлари рўйхати кўрсатилиши керак;

2.  Ёнғин ва санитария-эпидемиология назорати органларининг мавжуд бинолар ва хоналарнинг ёнғин хавфсизлиги талабларига ва санитария-гигиена нормаларига мувофиқлиги тўғрисидаги хулосалари;

3.  Педагог кадрлар ҳақида маълумот;

4.  Ўқув режаси ва дастурларининг электрон нусхалари; 

5.  Ариза кўриб чиқилганлиги учун лицензия даъвогари томонидан йиғим тўланганлигини тасдиқловчи ҳужжат нусхаси.

Лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилар ҳисобланади: 

- Ўзбекистоннинг таълим соҳасидаги қонун ва қонуности ҳужжатларига мажбурий риоя қилиш; 

- таълим-тарбия жараёнини давлат таълим стандартларига, ўқув режаларига ва таълим дастурларига мувофиқ ташкил этиш; 

-  лицензияланаётган фаолиятни бажариш учун лицензия даъвогарига мулкий ёки бошқа ашёвий ҳуқуқ билан тегишли бўлган, белгиланган талабларга мувофиқ бино ёки хоналарнинг мавжуд бўлиши; 

- аудитория ва  ўқув хоналарини замонавий ахборот коммуникация асбоб ускуналари, ўқитишнинг техник воситалари ва анжомлар билан жиҳозлаш;

- таълим дастурларининг белгиланган даражасини амалга ошириш учун ўқув биноларини зарур дарсликлар, ўқув-методик адабиётлар ва бошқа кутубхона-ахборот ресурслари билан таъминлаш; 

- таълим дастурларини умумий ўрта, касб-ҳунар ва олий таълим давлат таълим стандартларига мувофиқ, шунингдек, мактабгача таълим, мактабдан ташқари таълим, кадрлар малакасини ошириш ва уларни қайта тайёрлашга қўйиладиган давлат талабларига мувофиқ амалга ошириш; 

- таълимнинг мажбурий равишда дунёвий характерда бўлиши, таълим жараёнида урушни, зўравонликни тарғиб қилишдан фойдаланишга, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқлари ва эркинлиги камситилишига, мамлакатдаги хавфсизлик ва ижтимоий-сиёсий барқарорликка, жамиятнинг ҳуқуқий ва маънавий асослари, фуқаролар осойишталигига, миллатлараро ва динлараро тотувликка рахна солинишига, Ўзбекистон Республикаси тўғрисида нотўғри ахборотлар тарқатилишига ҳамда унинг тарихий, маданий ва маънавий қадриятлари бузиб кўрсатилишига йўл қўймаслик; 

- ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг қобилиятли фарзандларини танлов асосида муассасадаги жами ўқувчилар сонининг 10 фоизидан кам бўлмаган миқдорда бепул ўқишга қабул қилиш;

- битирувчиларга белгиланган тартибда таълим тўғрисида ҳужжат бериш.

Эслатиб ўтамиз, нодавлат таълим ташкилотларига лицензия Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан берилади.

Izoh qoldiring

CAPTCHA
This question is for testing whether or not you are a human visitor and to prevent automated spam submissions.