Ўқитувчилар учун мажбурий касбий лицензиялаш тартиби жорий этилади

Главные вкладки

Ўзбекистонда мактаб раҳбарлари ва ўқитувчилари учун мажбурий касбий лицензиялаш тартиби жорий этилади. Бу ҳақда президентнинг “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарори лойиҳасида айтилган.

Ҳужжатга кўра, 2021 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартиби босқичма-босқич жорий этилиши мумкин.

Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигига халқ таълими муассасалари раҳбарлари ва ўқитувчиларининг фаолиятини касбий лицензиялаш ваколати берилади.

Малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги 2020-2021 ўқув йилидан бошлаб педагогика ва психология фанларини олий таълим муассасаларининг умумтаълим фанлари йўналишларига мувофиқ келувчи мутахассислар тайёрловчи магистратура босқичи талабалари учун мажбурий фан сифатида камида 144 соат ҳажмда ўқитилишини ҳамда педагогик амалиёт ўташини жорий этади.

Бунда, Халқ таълими вазирлиги Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирликлари билан биргаликда тасдиқлаган магистратура мутахассисликлари рўйхатига мувофиқ олий ўқув юртлари битирувчиларига педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи берилади.