Humo card ўзи қандай ишлайди ва уни қандай ишлатамиз?

Главные вкладки

Бугун мактабда амалдаги пластик картам Humo картасига уланиши муносабати билан бир ҳужжатга имзо чекдим. Чекдим-у, ўйланиб қолдим. Хўш, нима учун бизга янги пластик картага ўтишимизни сўрашаяпти? Пластик карта чиққанидан буён иккинчи марта алмаштирилаяпти. Бундан аввал оддий пластик карта олгандик, кейингиси онлайн пластик карта эди. Энди эса Humo card га ўтаяпмиз.

Ўзимга қизиқ бўлгани учун, дарров “googleжон”га кириб Humo card деб ёзгандим, етарлича маълумотни олишга ҳаракат қилдим. Humo card ни сайтида ёзилишича (https://humocard.uz/uz/payment-system/advantages/) Биз ўқитувчиларга берилиши кутилаётган янги карта қўйидаги афзалликларга эга:

  • Карта хизматларини яратиш ва бошқариш тизимининг мослашувчанлиги
  • Бир вақтнинг ўзида Visa, Master Card ва Union Pay International билан эмитент ҳамда эквайер сифатида уланиш имконияти
  • Тўла қувватли мобил банкинг
  • Терминаллар, пластик карталар ва процессинг тизимларини халқаро тўлов тизимлари томонидан сертификацияланиши
  • Содиқлик тизимлари билан интеграцияланиш
  • Ўз эхтиёжидан келиб чиқиб карта хизматларини танлаш
  • Бир қанча карта ва ҳисобрақамлар учун умумий карта
  • Бир ҳисобрақамга боғлиқ бўлган кўплаб карталарни эмиссия қилиш
  • Мижозлар учун транспортда қўллаш, талабаларга, оилавий ва бошқа турли қулайликларга эга бўлган карталар
  • Савдо-сотиқ эквайринг – Савдо-сервис корхоналарида Товарлар ва хизматлар учун Visa International, MasterCard, UnionPay халқаро тўлов тизимлари ва
  • Humo тўлов тизими орқали тўловни амалга оширишда, турли банк карталарини битта POS-Терминалда қабул қилиш.

Юқоридаги афзалликлардан ташқари Humo card Gazeta.uz да қуйидагилар ёзилаяпти:

— Айни вақтда биз пластик карточкадан нақд пул олиш, савдо дўконларига тўлов қилиш кабиларда фойдаланаётган эдик, -дейди «Humo» миллий тўлов тизимда раҳбари Шуҳрат Қурбонов. — «Humo» тўлов тизимида бу имкониятлар янада кенгайтирилади. Тасаввур қилинг, метрода ёки автобусда уни терминалга тегизиб, тўловни амалга оширасиз. Ёки савдо дўконида харид учун тўловни амалга оширишда код териб ўтирмайсиз. 

Шу вақтгача биз онлайн пластик карталардан фойдаланиб келдик. Гапнинг дангалини айтиш керак, онлайн пластиклардан фойдаланганда кўпчилик ёши катта фойдаланувчилар учун ноқулайлик туғдирди ва улар ўртасида картани ишлатиш бўйича тушунмовчиликлар бўлиб турди ва бу ҳолат давом этиб келаяпти. Бунга оддий мисол қилиб, онлайн картадан нақд пул ечиб олишда банкоматни ёнида турсангиз пластикдаги ойликни нақд пул қилдириш учун келган ёши катталар бўла олади. Бунинг сабаби нима? Сабаби онлайн карталарни ишлатиш учун етарлича йўриқнома олмаганлигимиздандир деб биламан.

Энди ўз – ўзидан савол туғилади. Янги Humo card ни қандай ишлатишни бошлаймиз? Бу саволга жавоб излаш учун www.humocard.uz га кириб картани ишлатиш бўйича ёзилган йўриқнома ёки видео дарсни қидирдим. Сайтда картани ишлатиш бўйича ҳеч қанақа маълумот йўқ. “Googleжон” га ҳам кириб, “humo card ни қандай ишлатса бўлади?” деб ёздим. Яна ҳеч қандей натижа йўқ.

Тўғри тушунаман, Uzcard монополиясини йўқ қилиш учун давлатимиз томонидан янги рақобатчи Humo card ишлаб чиқилди ва у барча банкларни бирлаштириб бизга ҳизмат кўрсатади. Uzcard монополияси туфайли баъзида кўпчилигимиз зарар ҳам кўриб келдик. Картамиз ишламай қолиб, додимизни кимга айтишни ҳам билмай қолдик.

“Humo card орқали кўпгина операцияларни бажарса бўлади” деб ёзилаяпти. Лекин бу операцияларни қандай бажарамиз?

Яна бир ҳеч кимга ёқмайдиган ҳолат борки, у ҳақида гапириб ўтмасам бўлмайди. Барчамиз гувоҳ бўлганмиз ва бошдан ўтказганмиз. Янги пластик картани олиш учун банкга бориш, соатлаб туриш ва керак бўлса 10 кунлаб кутиш барчамизга маълум ҳолат. Янги картани олишда биз бу ҳолатларни бошимиздан ўтказмаймиз деб умид қиламан ва Humo card таасисчиларидан иложи борича, пластик карталарни олиш тартибини ўқитувчилар ва умуман барча учун осонлаштиришларини сўраб қоламан.

Хулоса қилиб айтганда, мени қийнаётган саволлар бошқаларни ҳам қийнаётган бўлса, ажаб эмас. Мен, барча устозлар номидан humo card га илтимосим шуки, бизга янги пластик картангизни қандай ишлатиш ҳақида йўриқномани ҳам тақдим қилсангиз. Янги картани қўлга олгандан сўнг, ундан фойдаланувчиларни қийналмаслигига йўл қўймайсизлар деган умиддаман!

 

Ҳурмат билан,

Насим Садиков

www.sadikov.uz

@sadikov_uz