Нега ўқитувчи ва ўқувчи келиша олмаяпти?

Главные вкладки

Халқ таълими тизими мутахассисларининг маълум қилишича, педагогика олий ўқув юрти дипломига эга мутахассисларнинг айримлари ҳар доим ҳам мактабда дарс беришга тайёр бўлмаяпти. Ўша мутахассисда педагогик ва болалар билан ишлаш кўникмаси йўқ. Болалар психологиясини билмайди. Натижада ўқитувчи ва ўқувчи ўртасида турли низолар келиб чиқмоқда.
 
Шу боис 2021 йил 1 январдан бошлаб халқ таълими муассасалари раҳбарлари учун даврийлиги 3 йилдан иборат, ўқитувчилар учун даврийлиги 5 йилдан иборат мажбурий касбий лицензиялаш тартиби босқичма-босқич жорий этиш режалаштирилмоқда. Лицензиялаш тартиби жорий этилиши малакали, билимли, педагогик маҳоратга эга ва психологик билимга эга ўқитувчиларни танлаш имконини беради. Бу болаларни ҳимоя қилиш ва таълим сифатини юксалтиришга хизмат қилади.
 
Янги тизим ўқитувчилар учун мотивация ҳисобланади. Малака тоифаси бўлмаган ўқитувчи касбий лицензия олганидан сўнг унинг меҳнатига ҳақ тўлаш шартлари иккинчи малака тоифасига эга ўқитувчиларга тенглаштирилади. Лицензияга эга бўлган ўқитувчиларнинг маошлари бундай ҳужжатга эга бўлмаган мутахассисга қараганда юқорироқ бўлади.
 
Лицензия имтиҳони уч босқичда бепул амалга оширилади. Халқ таълими тизимида касбий лицензиялаш мақсадининг пул ишлаш билан боғлиқ жойи йўқ. Имтиҳонлар бепул ўтказилади.
 
Имтиҳон учта босқичда – ўз фанини билиш, педагогик маҳорат, психологик барқарорлик бўйича ўтказилади. Бу амалий имтиҳонларда муаллимларнинг соҳаси бўйича билимини текширади, ўқувчиларни дарс жараёнига жалб қилиш маҳорати синовдан ўтказилади ва бола билан ишлай олиш кўникмаси қай даражада экани ҳисобга олинади. Имтиҳонларни ўтказишда хорижий ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш режалашьтирилмоқда.
 
– Ўқитувчиларга имтиҳонларни кўпайтирмаслик учун лицензия имтиҳонини мавжуд “Иккинчи тоифали ўқитувчи” деган синовнинг ўрнига жорий этиш мўлжалланяпти, – дейди Халқ таълими вазирининг биринчи ўринбосари Алишер Умаров. – Бундан ташқари, лицензия синовини топширган ўқитувчининг ойлиги бир неча баробар юқори этиб белгиланади. Бундай ўқитувчиларга алоҳида нишон бериш ҳам режада бор. Японияда устозлик нишони бор одамларга алоҳида ҳурмат кўрсатилиши ҳақида кўп эшитганмиз. Биз учун бу хаёлий ҳикоя бўлиши мумкин, бироқ хаёлий ҳикояни нега ҳаётий ҳикояга айлантира олмаймиз?
 
Касбий лицензиялаш тартиби бир неча йиллар давомида босқичма-босқич амалга оширилиши тартиби белгилангани боис келаси йил имтиҳон топширмаганлар ишсиз қолиб кетади деган турли тахминлар тарқалмоқда. Шуни таъкидлаш жоизки, бу каби тахминлар ва гап-сўзлар асоссиз. 
 
2021 йилда фақатгина 5 фоиз ўқитувчиларга ўз хоҳишига кўра касбий лицензия бериш кўзда тутилган. Халқ таълими вазирлигидан маълум қилишларича, ўзини имтиҳонга тайёр деб ҳисоблаган ўқитувчи белгиланган босқичлардан ўтади, унга лицензия берилади ва ойлик маоши оширилади.
 

 

Айни пайтда муҳокамаси тугалланган “Халқ таълими ходимларини узлуксиз касбий ривожлантириш тизими тўғрисида”ги қарор лойиҳаси бўйича таклифлар ўрганиляпти. Шундан сўнг ҳужжат бўйича бошқа ташкилотлар фикри ўрганиб чиқилади, сўнг ҳужжат Вазирлар Маҳкамасига киритилади.
 
Манба: Uza.uz