Сертификатга эга чет тили ўқитувчиларининг маоши оширилади

Primary tabs

Kun.uz нинг хабар беришича мактаб, коллеж ва лицейларнинг чет тили ўқитувчиларига замонавий дарслик ва қўлланмалар сотиб олиш учун 1 млн сўмдан пул берилади.

Ўзбекистонда хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш бўйича президент қарори қабул қилинди.

Қарорга асосан,2021/2022 ўқув йилидан бошлаб, қуйидаги ўзгаришлар кучга киради.

Таълим муассасаларининг камида C1 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган мос даражадаги халқаро тан олинган сертификатга эга хорижий тил ўқитувчиларига уларнинг базавий тариф ставкасига нисбатан ҳар ойлик 50 фоиз миқдорида қўшимча устама ҳақи тўлаб борилади.

Бунда, умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасалари ўқитувчиларининг камида C1 даражадаги халқаро сертификатни олиш учун имтиҳон топшириш билан боғлиқ харажатлари Давлат бюджетидан педагог кадрлар малакасини ошириш учун ажратиладиган маблағлар, давлат ОТМлари ўқитувчиларининг харажатлари эса ОТМларнинг ўз маблағлари ҳисобидан қопланади.

Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларининг камида С1 даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга хорижий тиллар ўқитувчилари аттестация жараёнида малака синови учун максимал балл билан баҳоланиб, хорижий тил модули бўйича синовдан озод этилади.

Бунда, мазкур сертификатни олиш муқобил малака ошириш шакли сифатида тан олинади.

Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида хорижий тилда мутахассислик фанларидан дарс берадиган B2 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки унга мос даражадаги халқаро сертификатга эга ўқитувчиларига қонунчилик ҳужжатларида назарда тутилган устамалар татбиқ этилади.

Умумий ўрта, ўрта махсус ва профессионал таълим муассасаларида фаолият юритаётган барча хорижий тиллар ўқитувчиларига Давлат бюджетидан замонавий адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиши учун 1 млн сўмдан маблағ ажратилади.

Бунда, тавсия этиладиган дарслик ва ўқув қўлланмаларининг рўйхати ҳамда уларни сотиб олганлик тўғрисида ҳисобот шаклини Халқ таълими вазирлиги ва Хорижий тилларни ўрганишни оммалаштириш агентлиги белгилади.

Хорижий тиллар ўқитувчиларининг сертификатни олиш билан боғлиқ харажатларини қоплаш ва устама тўлаш, шунингдек, ушбу ўқитувчилар томонидан адабиёт, дарслик ва ўқув қўлланмаларини сотиб олиш учун 2021 йилда қўшимча 100 млрд сўмгача ажратилади. 2022 йилдан бошлаб тегишли маблағлар Давлат бюджети параметрларида назарда тутилади.