Ўқитувчининг боласи

Главные вкладки

Мен ҳаётда ўзи рус тили ўқитувчиси бўлса-да, фарзанди русчани зиғирча ҳам тушунмайдиган ота-оналарни кўрдим. 

 

Ўзи маданият бўлимида ишласа-да, ўхшатиб сўкадиган мудирларни... 

 

Отаси мулла бўлса-да,  кимларгадир қош учириб юрган қизларни... 

 

Акс ўлароқ... 

 

"Алкаш" нинг боласи бўлса-да,  оғзига "спиртной" олмайдиган, муомаласи чиройли солиҳ фарзандларни ҳам! 

 

Ҳаёт турфа хилликка тўла... 

 

Бир куни кимдир менга келинини ёмонлаётиб, "э,  ўқитувчининг боласида,  минг қилсаям!"  деб юборди... 

 

-Тўхтанг,  ўқитувчининг боласи бўлса,  нима бўлади?  Масалан мен ҳам ўқитувчининг боласиман?  Хўш,  қанақа эканман?- деб сўрадим. 

 

Ер чизиб қолди! 

 

Банкга оҳиста қадам қўйиб кириб келаётган аёлнинг кийимлари сипо,  қадам босишларигача қолипга монанд,  қўлида каттакон сумкасидан конспект дафтарининг чети кўриниб турибди. 

 

Унинг ўқитувчи эканлигини ўзидан ёки бировдан сўрамасдан ҳам билса бўлади.

 

Ҳа,  кимдир сочини кимларгадир тақлидан кесдиради,  бўянади, тиллаларга кўмилади,  тор шим кияди,  баъзан кенг. Мода, урф- худди бир жойда турмайдиган замонага ҳамоҳанг саксон марта ўзгаради,  кейин ҳар йигирма йилда яна фаслдек алмашиниб келишни бошлайди. 

 

Аммо ўқитувчининг либоси ҳеч қачон ўзгармайди,  хаттоки кастюмининг тугмаси биттага кўпаймайди ҳам... 

Соч турмаги ўша-ўша сипо, худди нигоҳлари каби... 

 

Чунки у ўз ўқувчиси кўзига ҳар доим намунали қиёфада кўриниши шарт.

 

Одатда бой яшамайди,  фидокор ўқитувчининг пули кўпайган тақдирда ҳам-уйидаги китоблари сони бир нечтага кўпаяди ҳолос ва яна олий маълумот олган дипломли болалари биттага ортиши мумкин... 

 

У фарзандларини ўзи ўқитган ўқувчиларидан ортиб қолган вақтига кўра тарбиялайди ва  ортиб қолган асабларига кўра улғайтиради!

 

Қирқ йил ўқитувчилик қилган одамнинг набираси- унинг ёнида целлофан пакетни ортиқча шиқирлатиб ўйнай олмайди, хаттоки шалдироқнинг шиқир-шиқирига ҳам чидаб беришга унинг бобосида асаблар йўқ!

 

Ўқитувчининг боласи-ўз отасига битта саволни икки марта бермасликка ўрганади... 

 

Чунки уларнинг асаблари-бировнинг фарзандини "одам қиламан" деб соб бўлган.

 

Хиндларнинг "Зулмат" номли киноси бор. Мен у кинони тўлиқ кўрмаганман: аммо мазмуни билан қисман танишман. 

 

Кўр ва кар қизга таълим беришни ўз гарданига олган ўқитувчи-охир оқибат ўзи яроқсиз ҳолатга келади. Аммо унинг ўқувчиси тўрт мучаси соғлар қаторида талаба бўлади!

 

Ҳиндлар бу кино сюжетига атай кўр ва кар қизни киритишмаган, бировнинг гап уқмайдиган боласи ҳам аслида шу кўринишда!

 

Бир лаҳза кўзингизни юминг ва ўзингизни биринчи синфлар хонасида тасаввур қилинг!

 

Тўртта бола  йиғлаяпти,  олтитаси бир-бири билан уришмоқда! Иккитаси уйидан ўйинчоғини кўтариб келган, бошқаси ҳамма жойга ушатиб нон чайнаяпти. Яна бири онасини соғинган, бошқаси хожатхона қаердалигини сўролмай қизариб ўтирибди. Тинмай чуғурлаётганларининг тўрттаси худди қалдирғочнинг инида ўтирган полапонларга ўхшайди. 

 

Мана шулар-ўқитувчини анордек шарбатини сиқиб, оиласига бурушган бир қиёфада қайтарадиган халқнинг боласидир!

 

Унинг ўз фарзанди- меъёрлар ичида улғаяди.  Кўпчилик олдида эснаш керакмаслиги ҳам,  тишга тилини теккизиб чиқирлатмаслик шартлиги ҳақида ҳам у яхшигина таълим олган.Чунки унинг асаблари тугаб битган онасига "тирқ" этган товуш ҳам, алмойи қилиқлар ҳам ёқмайди!

 

Ўқитувчининг қизи-эл қатори сеп билан келин бўлади!  

 

Ўқитувчининг уйидаги "деҳқончилик"  ҳисобланадиган нарса бу китоб!  Унинг музлатгичлари бошқаларники каби тўлиб турмайди... 

 

Ҳа,  устозлар шаънига кўп гаплар гапирилган.  Улар ҳақида менинг биладиганларим шулар!  Бошқалар наздида-унинг болалари қандайлигига мен ҳеч қачон қизиқмадим! Уларни паст кўрмадим!

 

Чунки ўша бор шарбатини халқнинг боласига бера-бера чарчаган ота-онам менга ҳам шогирди сифатида бир нималарни илинишди:

 

Бу фақат яхшилик ҳақида ўйлаш!

Яхшиликка интилиш! Ёмонларга аралаш яшамаслик ва яхши нарсаларни ҳамда яхшиларни асраш!

Қадрли устоз мақомини олган Ҳазрати Инсон!

 

Мен қирқ беш йил ўқитувчилик қилган бир ота-онанинг фарзандиман!

 

Қайсидир мамлакатда "узоқ йил ишлаган ўқитувчининг судда кўрсатмаси ўтмайди" дейишади. Чунки бу касбда кўп ишлаб, рисоладагидек қариш мумкин эмас...

 

Онамнинг ёнида ортиқча тиржаёлмасдим...

 

Целлофан шитирлашига ҳам жиғибийрон бўлардилар!

 

Отам эса ёнидан ҳардамхаёллик билан бесалом ўтган кимдандир тез озорланиб қоларди...

 

-Ҳа бу Маликовлардан эди! Иккита акасини ўқитгандим, салом бермай ўтдия...

 

Менга ўша пайтлар бу воқеалар ғалати туюлган:

 

"Нима бўпти, салом бермай ўтса..."

 

Ҳозир энди тушуняпман:

 

Дунёда фақатгина битта касб бор-инсон ўз асабларини сарф қилиб, борини тутиб илм бергач,  эвазига ўзи худди тиши емирилган калитдек бўлиб бир четда қолади ва бу фидокорлиги эвазига ҳеч нарса олмайди.

 

Бу ўқитувчилик...

 

Бир куни унинг қолган-қутган эътиборни кўриб ўсган уйдаги боласи-оғзига бол тутади, нон келтиради...

 

Бор меҳрини шарбатдек симирган "халқнинг боласи" эса уни эслайдими, йўқ...

 

Мен барини яхшиликка йўя оламан!

 

Борингизни илиниб ўқитган ўқувчингиз бир кун ёнингиздан сизга салом бермай ўтиб кетса,  ранжиманг, қадрли устоз! 

 

У ҳозир кўзингизнинг ҳар ҳаракатига термулиб ўтирадиган норасида эмас.

 

Машаққатли ҳаёт йўлига ўтгач,  шунақа ўзи билан ўзи оввора бўлиб қолди... 

 

Ақли етмайдиган чигалликларни ечди, кўришни истамайдиган кўргуликларини кўрди!

 

Унинг сиздан кейинги устози бўлмиш Ҳаёт жудаям қаттиққўл устоз экан...

 

Кўнглига сиғмаяпти-да, бўлмаса албатта қошингизга келиб бир йўқлаб кетарди!

 

Яна...

 

Бор билимингизни бериб ўқитган  ўқувчингиз ҳозир каттакон бўлиб кетиб,  сизни оёқ учида кўрсатаётган бўлса ҳам ранжиманг... 

 

Тан оладими,  йўқми у қачонлардир қаршингизда алифни калтак деёлмайдиган даражада оми эди! 

 

Унинг кейинги устози Ҳаёт- роса муғомбир экан. Ҳозир бешларни қаторлаштириб уни ҳаволантиргани билан эртага қарсиллатиб "указка" лар билан солишини,  таъзирини ўхшатиб беришини билмайди У...

 

Шунинг учун ундан ҳам хафа бўлманг...

 

Нима бўлганда ҳам сиз унинг устозисиз, кечиришингиз керак!

 

Уч-тўрт кун олдин менга биров шундай дея савол ёзди:

 

"Ўқитувчи бўлиш-савобли касбми?" 

 

Мен унга "бу касб шарафли касб,  илоҳий касб"  деб жавоб қайтардим! 

 

У менга нега бундай ёзганим борасида ортиқ савол бериб ўтирмади. 

 

Сўраганида албатта ёзардим:  

 

Робб-сўзининг маъноси "Тарбиячи" дир!

 

"Аълийм"  исмининг маъноси "Билувчи"  дир!

 

Инсоннинг биринчи Устози-Аллоҳ таолодир! 

 

Ҳаёт йўлида бу "унутувчи"  аталмиш Инсонга ҳамма нарса устозлик қилади. 

 

Йиллар устозлик қилиб биздан ёшликни олади! 

 

Йўллар бизга устозлик қилиб ўнгу сўлдан,  тўғри йўлга солади... 

 

Баъзан кенг йўлдан,  баъзан торидан,  баъзан чалкашидан,  баъзан қил кўприклардан ўтади Инсон... 

 

Қадрли устоз! 

 

Сиз шундай шарафли касб соҳибисиз-ки,  темирчилар темир буюм ясаса,  бинокорлар баланд бинолар қурса,  наққошлар нақш чизса-сиз Инсон ясайсиз,  Одам қурасиз,  Солиҳлар ҳулқини нақш каби юракларга чизасиз... 

 

Сизнинг касбингиз-Илоҳий касб... 

 

Чунки темирчининг ҳам,  бинокорнинг ҳам,  наққошнинг ҳам қачонки устози бўлсагина ўз касбини устаси бўла олади! 

 

©️Азизахон Исмоилова.