Пандемия даврида масофадан дарс бераётган ўқитувчига 7 тавсия

Главные вкладки

Онлайн дарс — бу янгича услуб ва анъанавий дарсдан тубдан фарқ қилади. Демак, ҳар бир ўқитувчи энди синфхонадаги ёндашувларни қисман унутиб, виртуал синфхоналарга мослашиши керак. 

1. Баҳолашга эмас, рағбатлантиришга диққат қилинг.

Ўқувчи баҳонинг ўрнига ўқитувчисидан муносабат олса тезроқ ўрганади. Ўқувчингиз юборган ишда хатолик бўлса, паст баҳо қўйишга шошилманг. Болани ҳам тушунинг — ҳозир сизнинг ҳолатингиз қандай бўлса, уйда дарс тайёрлаётган ўқувчининг руҳияти ҳам шу қадар таъсирчан. Шунинг учун, ўқувчи виртуал таълимга мослашиб олгунича унга руҳан далда бўлинг. 

2. Талабчанлик эмас, меҳр билан ўқитинг.

Болалар ҳозир ҳиссий суянчга муҳтож. Улар учун устозларининг қўллаб-қувватлаши — айни пайтда жуда керак. Ўқувчилар «Соғ-омонмисан, болам?», «Ҳаммаси яхши бўлади, қизим!», «Тозаликка риоя қил, ўғлим», «Китоб ўқинглар» ёки «Кўчага чиқаман», деб хархаша қилманглар, болаларим!» деган сўзларни устозларидан эшитсалар, бу уларга ҳам, оиладаги муҳитга ҳам ижобий таъсир қилади. 

3. Дарс таркибини режа қилинг.

Агар видео конференция тизими ёки ижтимоий тармоқ орқали ўқувчилар билан виртуал дарслар ташкил қилаётган бўлсангиз, дарснинг 15-20 дақиқа давом этиши мақсадга мувофиқ. Шу билан бирга, ихчамгина тақдимот ҳам тайёрланг.

4. Тақдимот тайёрлашда нималарга эътибор бериш керак?

Тақдимотда мавзуни:

- асосий тушунчалар билан ёритинг;

- гаплар ва фикрлар имкон қадар қисқа, тушунарли бўлсин;

- янги тушунча ва фикрларни рангларда, суратлар билан ажратиб беринг;

- тақдимотни дарсликдан олинган суратлар ва узун матнлар билан тўлдиришдан қочинг;

Боланинг диққатини жалб қилиш — бош мақсад бўлсин. Тақдимотни болаларнинг ота-оналарига ташлаб беринг ёки видео конференция жараёнида экран орқали намойиш қилинг.

5. Диққатни болаларни зериктирмаликка қаратинг.

Ҳозирча топшириқларнинг ҳажми эмас, ўқувчининг ҳолати муҳим. Энди синфхонадагидек салмоқли топшириқ ҳамда вазифаларни берманг. Сиз учун мақсад ўқувчининг вазифаларни қанчалик қойилмақом уддалагани эмас, жараёндаги фаол иштироки бўлсин.

6. Ўзлаштириши паст болаларни алоҳида назоратга олинг.

Ҳамманинг имконияти тенг эмас. Бундай болалар билан алоҳида ишласангиз, катта ёрдам бўлади. Вазифа беришдан аввал бу болаларнинг имкониятини ҳам ҳисобга олинг. Уларнинг ота-оналари билан алоқани узманг. 

7. Интернет ресурлардан фаол фойдаланинг ва тавсия қилинг.

Бугунги кунда кўп мавзуларни интернет тармоғида ўзбек тилида ҳам топиш мумкин. Ўқувчиларга мавзулар бўйича зарур ресурсларни тавсия қилинг. 

Янги имкониятлардан фойдаланиш ва ёндашувни ўзгартириб хато қилишдан қўрқманг. Хато қиляпсизми, демак — ўзгаришга ҳаракат қиляпсиз. Муҳими — ўқувчиларга ёрдам беришга уринмоқдасиз. Бу — профессионаллик, фидойилик ва тажриба белгисидир.

 

Муаллиф: Моҳира Комилова,

Олмазор тумани 315-сонли мактаб директори ўринбосари

Манба: @kasbim_faxrim1 канали